1 Дек

Муаллиф:

Жанубий Қозоғистон таълим бошқармаси Методика кабинетининг ўзбек, тожик тили ва адабиёти фан методисти Шаҳло Наралиева.

 ЯНГИЛАНГАН ТАЪЛИМ МАЗМУНИ
ЯНГИЛАНГАН КЎЗҚАРАШНИ ТАЛАБ ЭТАДИ

Таълим-тарбия тизимининг бугунги кундаги асосий вазифаси ўсиб келаётган ёшларни ватанпарвар, замонавий билим, кўникма ва малакаларни ўзлаштирган ҳамда жамиятда ўз муносиб ўрнини эгаллашга қодир бўлган — комилликка интиладиган баркамол авлодни вояга етказишдир.

Халқимизнинг шундай эзгу мақсадларини рўёбга чиқариш йўлида Юртбошимиз раҳнамолигида таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини замон талаблари даражасига кўтариш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Шу аснода, ўзининг юксак даражада ривожланган илмий ва бадиий тафаккури билан жаҳон тамаддунида салмоқли ўрин эгаллаётган мамлакатимиз – Қозоғистоннинг бугунги кунда ҳам ҳар томонлама теран, пухта ўйланган, тараққиётни кўзлаган “Истиқболли нигоҳ: маънавий янгиланиш” дастури асосида олиб бораётган тадбирлари фикримиз далилидир.

Барча соҳаларда амалга оширилаётган истиқболли ислоҳотлар натижасида қўлга киритаётган ютуқларимиз таълим соҳасида ҳам ўз эътиборини топмоқда.

Зеро, мамлакатимизда ёш авлоднинг ҳар жиҳатдан баркамол, кучли ва билимли бўлиб тарбияланиши келгусида жамиятда ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, ўзининг илғор илмий қарашлари, касбий салоҳияти ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатлари билан она диёримизнинг янада гуллаб-яшнашига муносиб ҳиссасини қўшиши учун имкониятлар яратилмоқда.

Бу борада жаҳон стандартлари талабларига жавоб бера оладиган, билимли ва маънавий жиҳатдан баркамол мутахассис кадрларни тарбиялаб вояга етказиш, уларнинг ўз иқтидорини юзага чиқариши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, кадрлар тайёрлаш тизимини изчил такомиллаштириш ва мутахассисларнинг малакавий салоҳиятини доимий равишда мукаммаллаштириб бориш каби вазифалар ҳамиша долзарб масала бўлиб ҳисобланади.

Хўш, нима учун таълим мазмунини янгилашга эҳтиёж туғилди?

Шу ва шу каби саволлар жорий йилнинг 24 декабрь куни Шимкент шаҳри, Ю. Сарёмий номли 107-сонли мактаб-лицей базасида “Мазмуни янгиланган таълим доирасида ўзбек ҳамда тожик тилларини ўқитиш услублари” мавзусида ўтган вилоят миқёсидаги илмий-амалий семинарнинг кун тартибида янгради.

Мазмуни янгиланган таълим беришда фанларни янгича ўқитиш бўйича ўқитувчиларнинг ижодий маҳоратини орттириш ҳамда ўзаро тажриба алмашишга имкон яратиш мақсадида ўтказилган мазкур илмий-амалий семинар Жанубий Қозоғистон вилояти таълим бошқармаси методика кабинети ҳамда вилоят ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси  ҳамкорлигида ташкил этилди.

Ўзбек ҳамда тожик тиллари мавқеини, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратларини ошириш йўлида вилоят методика кабинети томонидан ташкил этилган жорий ўқув йили давомида ўнлаб ҳудудий, вилоят, халқаро миқёсдаги семинарлар қатори навбатдаги тадбир ҳам нафақат ўқитувчилар, балки умумтаълим мактаблари раҳбарияти зиммасига ҳам улкан масъулият юклади.

250 дан ортиқ иштирокчиларни қамраб олган семинарда Шимкент, Туркистон, Кентов шаҳарлари, шу билан бирга, Сайрам, Қазиғурт, Тўлебий, Сўзоқ, Мақтаарал, Сариағаш, Тулкибош туманларидан мактаб директорлари, директор ўринбосарлари ҳамда ўзбек, тожик тили, бошланғич синф ўқитувчилари ташриф буюриб,  янгиланган таълим тизимида замонавий ҳамда коммуникатив усуллар бўйича маҳорат дарсларида иштирок этдилар.

Икки бўлимдан иборат тадбирнинг биринчи бўлимида ЖҚВ таълим бошқармаси методика кабинети директорининг ўринбосари Р.Есимханова ҳамда ҚР ўзбеклари “Дўстлик” ҳамжамияти раисининг ўринбосари Н.Досметова, ЖҚВ ўзбек этномаданий бирлашмаси раиси ўринбосари Б. Нуралиев ҳамда “Жанубий Қозоғистон” вилоят ижтимоий-сиёсий газетасининг бош муҳаррири А.Сатвалдиев мавзу ҳақида ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашиб, семинар ишига сафарбарлик тилаган бўлсалар, М. Авезов номли ЖҚДУ профессори, педагогика фанлари доктори Н. Альметов  “Уч тилли таълим беришда ўзбек тили ва адабиётини ўқитишдаги янги имкониятлар”, шунингдек,  ҚР ўзбеклари “Дўстлик” ҳамжамияти оқсоқоллар кенгашининг раиси Б. Турдиқулов  “Ўзбек тили ва адабиётини ўқитишга янгича ёндашув”, “Өрлеу” МОММ ҲЖ филиали Жанубий Қозоғистон вилояти бўйича Педагогик кадрларнинг малакасини ошириш институтининг тренери  М.Мусаева “Янгиланган таълим мазмуни доирасида бошланғич синф ўқитувчиларининг ижодий маҳоратини орттириш йўллари” номли маърузалари билан қатнашиб, семинарнинг мазмунли, самарали ўтишига ўз ҳиссаларини қўшдилар.

Иккинчи бўлимда Сайрам тумани 27-сонли “Оққалъа” мактабининг ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Санобар Неъматхожаева “Муҳаммад Юсуф. “Меҳр қолур” шеъри”; Шимкент шаҳри Ойбек номли 14-умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси Раъно Зайтханованинг “Ясси фигуралар” очиқ дарслари; Сайрам тумани 4-мактаб-гимназия ўқитувчиси Нафосат Акрамованинг “Самарали режалаштириш – муваффақиятли дарс кафолати” мавзусида маҳорат дарси;  Сайрам тумани Қорабулоқ қишлоғидаги  Ҳамза номли 3-сонли мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Дилбар Нишонбоеванинг “Севимли таомларим” номли очиқ дарси;  Туркистон шаҳри, “Чўрноқ” мактабининг ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Қундузой Макашеванинг “Чўлпоннинг “Гўзал” шеъри”; Шимкент шаҳридаги 53-сонли мактабнинг ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Карима Абдижабборованинг “Соғлигинг – саодатинг” номли очиқ дарслари; Шимкент шаҳридаги 13- умумтаълим мактаби ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Фаррух Абдалиевнинг “Девиантли ҳатти ҳаракатли ўқувчилар билан ишлаш усуллари” номли тажриба дарслари семинар иштирокчилари – устозлар учун улкан маҳорат мактаби бўлди.

Ҳа, бугунги кунда илм-фан, техника ва ишлаб чиқариш соҳаларининг тез суръатларда жадаллик билан ривожланиши барча таълим муассасаларида таълим-тарбия сифатини мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтаришни талаб қилиб қўйди.

Бугуннинг боласи кўп меҳнат қилишимизни талаб этади. Дарров натижа кутади. Ўрганаётган ҳар бир билимининг амалдаги татбиқини излайди. Пифагор теоремасининг кундалик ҳаётда нимага кераклигини, фазодаги юлдузлар ҳаракатининг бизга қандай аҳамияти борлигини, ўқиган  асарни нима учун ўрганаётганини, тарбиявий аҳамиятини айтиб бера олмаган, гўзалликка, эзгуликка ошно эта олмаган ўқитувчи ўқувчининг эҳтиёжини қондиролмаслиги ойдай равшан.

Кўп вақти Интернет, ижтимоий тармоқлардан иборат бўлган, узоқ мамлакатларга саёҳат қилиш орзулари билан банд бўлган болага бу нарсалар ҳақида тасаввурга эга бўлмаган ўқитувчи қандай қилиб илҳом бағишласин?

Биз XXI аср боласига таълим беряпмиз. Бу ёшларнинг олдинги авлодлардан бошқача эканлигини тан оладиган вақт келди. Демак, биз уларнинг эҳтиёжларию хоҳишлари ҳам янгича эканлигини тан олишимиз шарт!

Бу эса ўз навбатида,  болаларимизни замонавий билим, кўникма ва малакалар билан қуроллантиришни тақозо этади.

Ўз фикрини равон, гўзал ифода эта олмайдиган ўқувчини замон талаби даражасидаги ўқувчи деб бўлмайди. Умумий ўрта таълимда бу вазифани бажариш, асосан, она тили таълими – ўқитувчилар зиммасига юклатилади.

Халқнинг миллий қиёфаси, руҳияти, орзу-истаклари, эзгу қарашлари унинг тилида намоён бўлади. Шунинг учун ҳам тил – миллат қалбининг кўзгуси, ўзликни ифода қилишнинг оғзаки шакли сифатида маданий мерос дурдонаси сифатида эътироф этилади.

Ўрта умумий таълимда она тили ва адабиёти фанининг ўрни беқиёсдир. Алломаларимиз айтганидек, “Дунёдаги жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади”. Шундай экан, ўқувчиларни Мангу эл – она заминга меҳр-муҳаббат, ватанпарварлик, инсонпарварлик ғоялари, энг аввало, она тилини ўқитиш жараёнида амалга оширилади. Бу ҳол ёш авлодни камол топтиришда она тили ва адабиёти ўқитувчисининг хизмати нақадар масъулиятли эканлигидан далолат беради. ЗЕРО, ДАРС – МУҚАДДАС!

Демак, мақсад битта, у ҳам бўлса, ўқувчиларга берилаётган таълим — тарбия сифатини ошириб, уларда коммуникатив салоҳиятни шакллантириш, мустақил ҳаётда ўз фикрига, ўз сўзига эга бўлган ватанимиз эртанги кунини дадил давом эттириб, юқори марралар сари интиладиган ёшларни тарбиялашдан иборат.

Бир сўз билан айтганда, ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси ўзини ўқувчиларга бахшида этиши, ўзи бажараётган ишнинг халқ маънавий ҳаётидаги аҳамиятини, ҳар бир инсон бадиий адабиётсиз камолотга эриша олмаслигини ўз ўқувчилари онгига, қалбига сингдириши лозим. Ўқитувчилик касби ҳар бир адабиёт ўқитувчисидан ўзини доимий суратда камол топтириб, ўзида бадиийликка мойилликни ва ижодкорликни ўстириб боришни талаб этади.

Адабиёт ўқитувчиси деган шарафли ном эгасининг меҳнати бадиий адабиёт билан узвий боғлиқ бўлгани сабабли, бу касб эгасидаги инсонпарварлик асрлар давомида яшаб қолгусидир.

Ҳа, Устоз деган ном жуда улуғ ва масъулиятлидир. Бундай номга эга инсон ўз ортидан ўқувчиларини тўғри йўл сари етаклай олиши, замон билан ҳамнафас бўлиши шарт. На фанини, на бугунги кундаги дунёни яхши идрок этолмаган ўқитувчи, албатта, бундай вазифанинг уддасидан чиқа олмайди.

Бу ўз ўрнида, ўқитувчилар зиммасига янада юксак масъулият ва вазифаларни юклайди. Негаки, рад қилиб бўлмайдиган бир ҳақиқат бор —қилинган барча саъй-ҳаракатлар охир-оқибат ўқитувчи меҳнати орқали ўз натижасини намоён этади. Шундай экан, устозлардан виждонан меҳнат қилиш, ёруғ келажагимиз олдидаги масъулиятлилик, кўрсатилаётган юксак эътиборга муносиб жавоб бериш талаб этилади. Бу эса фарзандларимизнинг чуқур билим эгаллашларида асосий роль ўйнайдиган сифатли дарсда намоён бўлади.

Бугун ҳар бир ўқитувчи ўзига ишониб топширилган ҳар бир соат дарсни муқаддас деб билиши ва унга заррача хиёнат қилиб бўлмаслигини ҳис этиши лозим.

Ўқитувчининг дарсга пухта тайёргарлиги таълим муваффақияти ва самараси гаровидир.

Шундай экан, ҳар бир ўқитувчи дарсга сифатли ва пухта тайёрланмасдан киришни инсонийликка, пок виждонга хиёнат эканлигини ҳис килиши керак. Чунки ҳар бир фан ўқитувчиси фаолияти асосини сифатли дарс ўтиш, ўқувчиларга яхши таълим-тарбия бериш ташкил этади.

Унутмаслик керакки, сифатли дарс — бу ўқувчилар томонидан самарали ўзлаштирилган дарс.

Дарс бошлангандан кейин ҳеч кимнинг ушбу жараёнга ҳалақит беришига йўл қўйилмайди.

Шунингдек, бу борада мактаб директори, ўринбосарлари диққатини муҳим масалага қаратишни жоиздир.

Ҳар қандай моҳир, муваффақиятли ўқитувчи орқасида чин дилдан ўз тажрибаси билан ўртоқлашган, ўз вақтида самимий кўмагини аямаган моҳир устознинг меҳнати ётади. Шундай экан, азалдан анъана бўлиб келган устоз-шогирдлик муносабатларини яна жонлантириш лозим.

Тажрибали устозлар қарамоғига олинган ҳар қандай мактаб остонасини эндигина ҳатлаган ёш ўқитувчи яхши натижага эришиши, шубҳасиз! Бунда ўзаро дарсга қатнаш, кузатиш, уни тўғри таҳлил қилиш кўникмалари шаклланади.

Шу ерда мактаб раҳбариятининг роли жуда муҳим аҳамиятга эга.

ҚР Миллий таълим академияси томонидан юборилган тавсияномада кўрсатилганидек,

Ўқитувчиларнинг дарсларини кузатиш ва таҳлил қилиш Ойига 2-3 дарс (директорлар учун)

Ойига 8-10 дарс (директор ўринбосарлари учун)

кузатишлари керак.

Лекин бу назорат қилиш, текшириш, жазолаш билан якун топмаслиги керак. Билъакс, кузатиш, тўғри таҳлил қилиш, тузатишлар, тўғри йўлланма, методик ёрдам кўрсатиш, рағбатлантиришлар усулида бўлса, натижали бўлади.

Ўқитувчиларнинг дарсларини тахлил қилиш — самарадорликка хизмат қилувчи жараён.

Қаерда мактаб раҳбарияти талабчан, жонкуяр бўлса, ўша ерда жамоа потенциали кучли бўлиб, қизғин ишчан фаолият бўлиши, шубҳасиз!

Ўқитувчиларнинг ўз устида мустақил ишлашлари, ижодий изланишлари таълим самарадорлигини оширишга ёрдам берадиган омиллардан бири — мунтазам равишда ўқитувчиларнинг дарсларини таҳлил қилишдир!

Ўқитувчи дарсини кузатиш ва тахлил қилиш, уларнинг педагогик маҳорати, иш тизими, ўқувчиларининг ўзлаштириши, билим даражаси каби соҳавий ва касбий лаёқати юзасидан хулоса чиқариш ҳамда ўқитувчиларнинг ўзаро тажриба алмашиш имкониятини яратиш жуда муҳимдир.

Зеро, мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот замирида эзгуликка хизмат қилиш, ҳаётимизни янада фаровонлаштириш, моддий ва маънавий тараққиётимизни янги босқичга кўтаришдек эзгу мақсадлар турибди.

Ҳақиқий устоз – соҳили йўқ уммонга ўхшайди. Ундан чексиз хазина ва бойликларни топиш мумкин. Устоз бўлиш учун одам, энг аввало, ўзини тарбиялаши лозим. Шу туфайли ҳар қандай устоз ўз ишини ўзига устозлик қилишдан бошлаши керак. Устознинг айтганларини айтиб юришдан кўра, унга амал қилиб яшаш сизга ҳам сизнинг атрофингиздагиларга ҳам катта наф келтиради.

Устоз бўлишдек саодатга эришиш учун кўп мураккаб йўлларни босиб ўтиш лозим.·

Ҳақиқий устоз бўлишдан олдин катта ҳарф билан ёзиладиган ИНСОН бўлиш талаб қилинади.·

Устоз ҳамма соҳада юксак чўққига ўхшаши керак. Шундагина унга ҳамма интилиб яшайди. Ҳақиқий устозни шогирдлари бошига кўтариши мумкин.

Доно халқимиз ўз мақолларида ҳам “Устоз отадек улуғ!” ва «Устоз отангдан улуғ!» деб айтишларида ҳам жуда кўп маънолар бор.

Илоҳим, фарзандларимиз, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юриш барчамизга насиб этсин!

3 комментария to “ЯНГИЛАНГАН ТАЪЛИМ МАЗМУНИ ЯНГИЛАНГАН КЎЗҚАРАШНИ ТАЛАБ ЭТАДИ”

  1. Нуртаева Санобар
    09:42 on Декабрь 11th, 2017

    Семинар жуда кунгилли утди Семинардан куп устозлар узига тегишли маълумотни олишди.

  2. Нуртаева Санобар
    09:47 on Декабрь 11th, 2017

    Семинарда намунали устозларимиздан Нафосат опа Акрамова адабий уқиш дарсида 2синф уқувчилари билан бир қанча ишларни амалга ошириш усулларини курсатиб бера олди

  3. Нуртаева Санобар
    10:40 on Декабрь 11th, 2017

    Ушбу семинарнинг яна катта бир ютуғи дарс утган устозлар бошқа мактабда ишлайдиган устозлар.Шундай устозлар қаторида Дилбар Нишонбоева хам 2синфларда узга мактаб уқувчилари билан ажойиб дарс утиб бериш бахтига муяссар будди

Оставить комментарий: