28 Сен

Ватан ичра ватанларим…

Дунёда Ватандек муқаддас макон йўқ. Ўз юртини севган инсон унинг тоғлари-ю боғларини, саҳросию тиканзорларини бирдек севади, кўзига тўтиё этади. Алихонтўра Соғуний, Ватан инсон учун Аллоҳ томонидан берилган улкан неъмат эканлигини таъкидлаб, шундай деган экан: “Ҳаётда инсоннинг энг севган, қадрли, қимматли тўрт нарсаси бордур. Бу тўрт нарсага эга бўлмаган кишилар инсонлик шарафидан маҳрум бўлурлар. Улар: озодлик ва эркинлик, меҳнат билан топилган молга ўзи эгалик қилмоғи, асрлар бўйи асраб-авайлаб келаётган муқаддас дини ҳамда туғилиб-ўсган она-Ватанидир”.

Биз Ўзбекистон деб аталмиш юрт фарзандлари бу борада қанча фахр этсак, қанчалар ғурурлансак оз. Жаннатмонанд юртимиз нафақат гўзал табиати, иқлими, табиий ва маънавий бойликлари, балки ўзининг қадим тарихи ва унда яшаб ўтган олиму уламолари, фозилу фузалолари билан ҳам дунёни лол қолдирган.

Назаримда, дунёни англамоқчи бўлган, сайру саёҳатни ихтиёр этган ҳар бир инсон, авваламбор, ўз юртини, унда яшаб ўтган аждодлари тарихини ўрганиши керак. Шу сабаб, биз ҳам ватанимизнинг қадим маконларидан бири, ислом динининг маркази саналмиш Бухоро шаҳрига зиёрат учун йўл олдик.

Азим Бухоро — ислом динининг маркази, азиз авлиёлар, пирлар ва орифлар юрти. Ҳар қаричи инсонлар қалбини маърифат нури, маънавият зиёси ила мунаввар этгувчи буюкларга макон бўлган, ҳар ҳовуч тупроғини пири комиллар қўллагувчи, илоҳий руҳлар тавоф этган муқаддас замин.

Шаҳарни осмон остидаги музей дейилиши бежизга эмас, чунки бу ерда қад кўтарган муқаддас мақбараю масжидлар, хонақолар, асори атиқалар шунчалар кўпки, улар ҳақида бир мақолада ҳикоя қилиш қийин. Шу сабаб, бугун “Етти пир” зиёратгоҳи ҳақида тўхталдик.

Қадим Бухоро шаҳрига келган киши ушбу муқаддас заминда қўним топган етти буюк авлиё – пирлар қабрини зиёрат қилишни ўз олдига мақсад қилади. Бу неча замонлардан буён давом этиб келаётган анъана.

Ушбу зиёратгоҳларга Хожа Абдуҳолиқ Ғиждувоний (Ғиждувон), Хожа Ориф Моҳитобон Рeвгарий (Шофиркон), Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий (Вобкент), Хожа Али Роминатий (Ромитан), Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий (Ромитан) ва Хожа Муҳаммад Баҳовуддин Нақшбандий (Когон) қабрлари жойлашган масканлар кириб, кетма-кетликда зиёрат қилинади.

Илк зиёратимиз Хожа Абдуҳолиқ Ғиждувоний ҳазратлари қўним топган Ғиждувон шаҳрига бўлди. Хожа Абдуҳолиқ Ғиждувоний 1103 йили туғилиб, 1179 йилда вафот этган. Хожагон тариқатининг асосчиси ҳазрат Абдуҳолиқ авлиёларнинг султони ва бошқа номлар билан шарафланган. Манбаларда келтирилишича, Ғиждувоний ҳазрати Нақшбандийнинг иккинчи маънавий устози бўлиб, Хожагон тариқатига асос солган. Айни шу тариқат Нақшбандий томонидан такомиллаштирилиб, унинг номи билан Нақшбандия дея атала бошлаган. Барчамизга маълум “Даст ба кору, дил ба ёр!”(“Қўлинг ишда, қалбинг Аллоҳда бўлсин!”) шиори ҳам биринчи марта Абдуҳолиқ Ғиждувоний томонидан айтилган.

Абдуҳолиқ Ғиждувонийнинг “Рисолаи Соҳибия”, “Рисолаи тариқат”, “Васиятнома”, “Маслак ал орифин”, “Мақсад ас-соликин”, “Мақомат Хожа Юсуф Хомадоний” каби асарларида илму одоб, инсон ва унинг жамиятдаги ўрни, дин ва дунёвий муносабатлар тўғрисида фикр юритилган.

Кейинги манзилимиз Муҳаммад Ориф Ревгарий зиёратгоҳи бўлиб, Ҳазрат Хожа Ориф Моҳитобон номи билан машҳур. Ҳазрат Маҳдуми Аъзам Даҳбедийнинг нақл қилишларича, Ҳазрат Хизр а.с. Ҳазрат Абдулхолиқ ҳузурларига келадилар. Шу пайт Ҳазратнинг ҳамма шогирдларини уйқу босарди. Суҳбат тугаб, Ҳизр а.с. кетганларидан сўнг шогирдлар беихтиёр уйқудан уйғонишарди. Шогирдлар орасида энг ёши ҳисобланган Хожа Муҳаммад ар Ревгарий Ҳизр а.с. суҳбатларидан баҳраманд бўлай деб, кўзларига туз сепдилар ва оғриқнинг қаттиқлигидан уйқу ғалаба қилолмайди. Натижада улар суҳбатдан баҳраманд бўладилар. Бу ҳолни кўриб Ҳизр а.с. дейдилар: “Сиз Ориф

бўлгансиз иншоллоҳ!”. Хожа Ҳизр а.с. нафасларининг барокатидан, у киши бутун дунёга Хожа Ориф номи билан машҳур бўлдилар.

Миллий қадриятларимиз ва халқимиз дунёқараши такомилида юксак маданият, маънавият ва маърифат булоғи ҳамда беқиёс одоб-аҳлоқ мактаби бўлган Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол каби ҳазратларининг зиёратгоҳларида ҳам инсонларни ҳалолликка, эзгуликка инсонпарварликка чорловчи фикрлар, ғоялар ва ҳикматлардан воқиф бўлдик. Нақшбандия таълимотининг атоқли авлиёларининг илгари сурган муҳим ғоялари, панду-насиҳатлари, ранг-баранг нақлу ривоятлари ҳозирда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Зиёратгоҳларда мамлакатимизнинг турли бурчакларидан, хориждан ташриф буюрган зиёратчиларнинг кўплигидан қалбимизда фахр ҳиссини туйдик. Зеро, қалбини маърифат нури, маънавият зиёси ила мунаввар этган инсонлар ҳамиша яхшилик сари интилади.

Зиёратимизнинг охирги ва энг таъсуротларга бойи, бу Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбанд бобомизни тавоф этишимиз бўлди. Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбанднинг касблари матога нақш солиш бўлиб, “Нақшбанд” дейишларининг бир жиҳати шунга бориб тақалса, иккинчиси, Аллоҳнинг номини қалбига нақш айлаган деган маънони ҳам англатади. Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбанд зиёратлари энг охирида амалга оширилишининг маъноси ҳам улар увайсий бўлиб, юқорида қайд этилган барча авлиёлар руҳларидан сабоқ олган эканлар.

Саёҳат давомида менинг диққатимни тортган нарса, ушбу зиёратгоҳларда чет эллик сайёҳларнинг кўплиги бўлди. Мана шундай сайёҳлардан бири, даниялик Ричард Коллнинг суҳбати мени қувонтирди:

* Шарқ дунёси, маърифати, айниқса тасаввуф дунёсининг бойлиги мени ҳамиша ҳайратлантириб келган. Мен дунёнинг кўп мамлакатларида бўлганман, саёҳат қилишни яхши кўраман, ўтган буюк аждодлар ҳаёти, тарихи билан қизиқаман. Бухородаги етти пир зиёратида бўлиб, гарчи бошқа дин вакили бўлсамда, ўзимда руҳий енгиллик, тозариш ҳиссини туйдим. Бу мўътабар заминга ер юзидаги кўплаб инсонларнинг ташриф буюришини ва шундай муқаддас гўшаларни тавоф этиб, ундан баҳраманд бўлишларини жуда-жуда истардим…

Ўзбекистонда бугунги кунда туризм иқтисодиётнинг стратегик секторига айланмоқда. Ҳозирда юртимизда миллий туризм модели ривожланиш босқичида бўлиб, унда ўзбек халқининг менталитети – шарқона меҳмондўстлик ва ғарб хизмат стандартларининг уйғунлашувига эришишга асосий эътибор қаратилмоқда. Туризм соҳасида юз бераётган туб ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар мазкур соҳада бозор муносабатларига асосланган туризм моделини шакллантиришга йўналтирилган. Шу мақсадда республикамизда туристик инфратузилмани ривожлантириш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда: Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Урганч шаҳарларида йирик меҳмонхоналар қуриб ишга туширилди, Термиз, Шаҳрисабз, Бухорода меҳмонхоналарни халқаро андозалар асосида таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда, янги авиалайнерлар ва қулай туристик автобуслар сотиб олинди, Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Урганчдаги аэропортлар замонавий талаблар асосида таъмирланди, туристик марказларни туташтириб турувчи автомобиль ва темир йўлларида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, кичик ва хусусий бизнесни ривожлантириш орқали хорижий ва миллий туристларни қабул қилиш имкониятига эга бўлган юзлаб хусусий меҳмонхоналар очилди.

Қадимий гўшада ҳам мени ўзига жалб этган яна бир янгилик, миллий руҳда безатилган, қадимий анъаналаримиз асосида жиҳозланган кичик-кичик хусусий меҳмонхоналарнинг ташкил этилгани бўлди. Бундай меҳмонхоналар ташриф буюрган меҳмонлар учун ҳам, зиёратчилар учун ҳам қулай ва ҳамёнбоб.

Бухорода ички туризмни янада ривожлантириш мақсадида яқиндан бошлаб савобли ишнинг йўлга қўйилгани бизни хурсанд қилди. Бу вилоятнинг, кейин эса бошқа вилоят аҳолиси, маҳаллалалар, кам таъминланган оила аъзоларини, касаба уюшмалари

ҳомийлигида Бухоро зиёратгоҳлари бўйлаб саёҳатларнинг йўлга қўйилганидир. Бу албатта бошланиши…

Ўз юртини севган, унинг тараққиёти ва фаровонлиги учун камарбаста бўладиган фарзандларимиз, аввало ўз ватани тарихи, унда яшаб ўтган буюк даҳолари, авлиё-ю пирларини яхши билиши, фахрланиши, уларга чексиз ҳурмат туйғуси билан улғайиши натижасида, кун келиб ўзи ҳам шу юрти, халқининг ёруғ келажаги йўлида буюк ишларни амалга оширишга қодир бўлажак.

Минорлари кўкка боқиб, шаън-ғолиб турар, Дарахтлари келинчакдай уёлиб турар. Бухорога бало кирмас, чун тупроғига- Баҳовуддин Балогардон дам солиб турар!

Зилола ТЎРАБЕК қизи

Оставить комментарий: