27 мая

Ўтган ҳафта «Бўлашақ» ўқув маркази учун қувончларга бой бўлди. Унинг икки битирувчиси Америка Қўшма штатларидаги бир йиллик таҳсилни тугатиб келишса, яна учтаси океан ортида илм олишга учиб кетиш учун сафар анжомларини ҳозирламоқда.  Шу муносабат билан Қорабулоқ қишлоғидаги Фурқат номли мактаб биносида My Dreams  («Менинг орзуим») номли тадбир зўр муваффақият билан ўтди.

«Бўлашақ»нинг бутун жамоаси бу тадбирни тайёрлашда иштирок этди. Ажойиб илмий, бадиий дастур тайёрланди ва курс тингловчилари томонидан намойиш этилди. Ташриф буюрган меҳмонлар юқори даражада илтифот ва ҳурмат билан кутиб олиб, кузатилди. Бир сўз билан айтганда, ушбу кунда Қорабулоқнинг келажаги  учун улкан хизмат қилаётган мазкур ташкилотнинг имкониятлари тўлақонли намойиш этилди.

Йиғилганлар нафақат «Бўлашақ»қа, балки уни ташкил этиб, оёққа қўйган, баъзи бир улкан шаҳарлар етолмаётган муваффақиятларга олиб чиққан Жуманқул Тошпўлатовнинг ота-онасига, таълим-тарбия берган «Қарабулақ» мактаби устозларига тасаннолар билдиришди. Биз ҳам сайтимиз номидан элга шундай эр йигитни тақдим этгани учун уларга миннатдорчилик ва олқишимизни айтамиз.

Қуйида ана шу тадбир хусусида «Жанубий Қозоғистон» газетасида босилган мақола ва сайтимиз мухлислари олган суратларни эълон қилмоқдамиз.

«Уммон ортидан олинган илм
халқимизга хизмат қилсин

Сайрам туманидаги Қорабулоқ қишлоғи аҳли илм-маърифатни ардоқлайди. Айниқса, мактабларда берилаётган мажмуавий билим ўқув марказларида қўшимча соатлар билан уйғунлашиши оқибатида юксак кўрсаткичларга эришилмоқда. Шу жумладан, учтиллиликни жорий этиш масаласида катта ютуқлар бор.

Ўтган йили ушбу қишлоқдан 3 ўқувчи Flex дастури асосида Америка Қўшма штатларидаги мактаблардан бирида бир йил таълим олиш ҳуқуқини қўлга киритишганди. Бу йил эса мазкур танлов ғолиблари сони тўрттага, Қорабулоқ, Кўлкент, Орисдан  бир йиллик дарсини АҚШда олган  ўқувчилар умумий сони 14 тага етди. 3-сонли Ҳамза номли мактаб эса бу кўрсаткичга кўра туманда пешқадам.

Мана шундай улкан ютуққа эришган болаларни рағбатлантириш мақсадида Сайрам туман Ўзбек этномаданият бирлашмаси ва “Бўлашақ” ўқув маркази ҳамкорликда “Менинг орзуим” деб аталган улкан тадбир ўтказди. Ишига пухта ташкилотчилар грант соҳибларининг ҳар бирига совғадан тортиб, ушбу тадбирда намойиш этиладиган бадиий саҳналаргача тайёрлашди. “Бўлашақ” тингловчилари нафақат тил, балки санъатга ҳам моҳирликларини кўрсата олдилар.

Тадбирда вилоят ва туман маслаҳати депутатлари, маданият марказлари аъзолари ва раҳбарлари, қатор мактаблар директорлари, оқсоқоллар, ота-оналар ва 800га яқин юқори синф ўқувчилари катнашишди. Йиғилишни ўтган йили икки, бу йил уч ўқувчисини билим олиш учун океан ортига юбораётган “Бўлашақ” ўқув маркази раҳбари Жуманқул Тошпўлатов  олиб борди. Яқинда туман ўзбек этномаданият маркази тизгини қўлга олган Ғанишер Раимқулов бир йиллик таълимдан сўнг Ватанимизга қайтиб келган ва янги ўқув йилини океан ортида бошлайдиган юртдошларимизни муборакбод этди. Қорабулоқ қишлоғининг ҳокими Абдуғофур Абдуқодиров билимнинг аҳамияти, Ватанга муҳаббат ҳақида яхши сўзларни айтди. Тадбир меҳмонлари – вилоят ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Бадриддин Нишанқулов, NiK ўқув маркази раҳбари Ғайрат Мавлонқулов,  Lider ўқув маркази менежери Соҳиба Ибрагимова ва бошқалар илк ютуққа эришган болаларнинг келажаги порлоқ бўлиши, ёшларнинг барча орзуларига эришишини тилади ва ушбу тадбирни ташкил этган “Бўлашақ” ўқув марказига тасанно айтдилар.

“Имкониятларинг чегараси – қалбингда!” шиори билан ўтган тадбирда қатнашган болаларнинг келажакка ишончи янада юксалди. Бу эса билимдон ва дунё бозорида рақобатбардош авлодни етиштиришга бел боғлаган, айнан илм ва заковат туфайли мангуликка дахлдор бўладиган юртимиз сиёсати. Ўйлаймизки, Отабек Султонқулов (13-сонли Алишер Навоий номли мактаб), Нафиса Абдувалиева (42-сонли Фурқат номли мактаб), Баргида Султонова (41-сонли Жамбил номли мактаб), Бегзод Қайнарбеков, Бегмурод Мамашев, Рўзаой Исмоилжонова, Дониёр Шерматов (3-сонли Ҳамза номли мактаб) келгусида туғилган ери, улғайтирган элининг ардоқли инсонлари бўлишади.

 Фарход Абдулхамидов,
3-сонли Ҳамза номли мактабнинг инглиз тили ўқитувчиси,

Сайрам тумани».

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

 

Оставить комментарий: