5 Июл

«Жанубий Қозоғистон» газетасида Туркистон шаҳридаги Аҳмад Югнакий ва Аҳмад Яссавий номли мактабларни битирган етук шогирдлар – Мафтуна Аҳмадова ва Муборак Абдувоситова ҳақида мақола чоп этилди. Қуйида ана шу мақолани тўлалигича чоп этмоқдамиз. Айни вақтда Қозоғистонда ўзбек тилида чоп этилаётган ягона давлат газетасига обуна бўлишга ҳамда долзарб сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий янгиликлардан хабардор
бўлиб боришга чақирамиз.

 

«Кўнгиллилар Астанага йўл олмоқда

Астанада давом этаётган ЭКСПО тадбирларида Қозоғистоннинг барча шаҳарларидан борган кўнгиллилар фаоллик кўрсатишмоқда. Июль ойидан бошлаб вилоятимизнинг 100 нафар йигит-қизларидан ҳам бу фахрли вазифани бажаришга киришади. Улар орасида деярли барча туман ва шаҳарларининг вакиллари бор.

Сафар олдидан Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокими ўринбосари Уласбек Садибеков кўнгиллилар билан учрашди.

  • Сиз – жаҳоннинг турли нуқталаридан келган сайёҳлар, ЭКСПОни томоша қилишни истаган ватандошларимиз учун вилоятимизнинг ойнаси бўласизлар, сизнинг хатти-ҳаракатингиз, билимингиз, фаросатингизга қараб, улар туғилиб ўсган юртингизга баҳо беришади, ҳар бирингизнинг мазкур масъулиятли вазифани бекаму-кўст бажаришингизга ишонаман, – деди У. Садибеков ўз нутқида.

Ўз навбатида сўзга чиққан кўнгиллилар, уларнинг устозлари ҳам  фикрларини, ҳар соҳада пешқадамликни қўлдан бермай келаётган Жанубий Қозоғистон номига муносиб бўлишларини билдирдилар.

Турли олий ўқув юртларининг филология факультетларида таълим олаётган талаба ёшларга ЭКСПО кўргазмаси даврида хорижликлар билан уларнинг тилида суҳбатлашиш, демакки, олган билимларини амалиётда мустаҳкамлаш имкони берилади. Бу эса қадрини билганлар учун катта мукофот. Шунингдек, кўнгилли сифатида ишлаб ҳаёт тажрибасини ўташ ёшларучун чиниқиш мактаби бўлиши бегумон.

 

Мафтуна ва Муборак – ЭКСПО мезбонлари

Кўнгиллиларнинг олганг зарур билимларини амалда фойдаланишга тайёрлиги  кўриниб турарди. Бир йил давомида уларни тайёрлаган устозларнинг ҳам меҳнатлари мевасидан баҳраманд бўлишлари аниқ. Шу аснода анчагина “сир”лар ҳам очилиб кетди.  Тиллар академиясининг учинчи курсида рус тилида таълим олаётган Айша Абдуллаева шу таълим даргоҳида қозоқ тилида таълим олаётган Турғунбек Жасулан билан танишибди. Бу танишув муҳаббатга айланиб, икки ёш ЭКСПОдан қайтишлари билан тўй бошлашга қарор қилишибди.

Ушбу анжуманда кўзларида шижоат ўти учқунлаб турган, Туркистондаги Қозоқ-Турк университетида  таълим олаётган Мафтуна Аҳмадова ва Муборак Абдувоситова билан танишдим.  Уларнинг ҳар иккаласи қишлоқ мактабларида ўқишган, аммо фидойи устозлари, ота-оналар кўмаги, ўзларининг тиришқоқлиги туфайли бепул таълим олиш имконига эга бўлишган. Энди эса Астанадаги кўргазмада ишлашади. “Жанубий Қозоғистон” газетасидан эканлигимни билгач қизлар ҳар бир муаллимнинг иш столидан жой оладиган нашр саҳифасида миннатдорчиликларини чоп этишимизни илтимос қилишди.

  • Ҳар бир муваффақият – устозлар меҳнати меваси, – деди Муборак суҳбатда. – Мени ҳам вилоятдаги ёшлар қаторида кутгани учун Аҳмад Югнакий номли мактаб жамоасига, устозларим Амина Беханова, Гулчеҳра Отажонова, Гулнора Бобохоноваларга раҳматлар айтаман. Айниқса, бошланғич синф ўқитувчим Раъно Тожихонованинг мени илмли бўлишим учун чеккан заҳматларини унутмайман.

Мафтуна ҳам бошланғич синф ўқитувчиси Болтош Тошбоева, ўқитувчи  Маҳмуна Турсунова ва бошқалардан бениҳоя  миннатдорлигини билдирди.

Заковатли ёшлари бор миллатнинг истиқболи юксак. Ўйлайманки, бугун дунё билан танишаётган кўнгиллиларимиз келажакда турли соҳалардаги ютуқлари билан дунёга ўзларини ва ўз Ватани – Қозоғистонни танитишади.

Абдумалик САРМОНОВ».

Оставить комментарий: