5 Мар

Астанада мактаб ўқувчилари ўртасида халқаро Менделеев олимпиадаси ўтди. Унда 22 мамлакатдан 120 ўқувчи қатнашди. Уч турдан иборат (2 таси назарий, 1 таси амалий) беллашувлар натижасида қозоғистонлик ёш химиклар 11 та, россияликлар 10 та ва украиналиклар 8 совринли ўрин олдилар.

Тафсилотлар Таълим вазирлигининг қуйидаги интернет саҳифасида: http://edu.gov.kz/ru/news/informatsionnie-soobshcheniya/51-ya-mezhdunarodnaya-mendeleevskaya-olimpiada-shkolnikov-po-himii 

***

Шогирд камоли — устознингн бахти. Сайрам туманидаги №81 мактабда илм пойдеворини олиб, Ҳамза номли мактабда давом эттирган Рўзаой Исмоилжонова — ФЛЕКС дастури ғолибаларидан бирига айланиши, жумладан, унга бошланғич таълим берган муаллима Нафосат Акрамованинг, 5-9 синфларда таълим-тарбия берган Улуғбек номли мактаб жамоасининг, уни қабул қилиб олиб, қанот бағишлаган Ҳамза номли мактаб муаллимларининг, «Лидер» ўқув маркази раҳбари Одилжон Абдувалиев ва унинг ёрдамчиларининг  ҳам улкан ютуғи. Ушбу шукуҳли кунда сайтимиз ва унинг салкам беш юз кишилик доимий ўқувчилари номидан барча устозларни муборакбод этамиз!

***

Фаол муаллимларнинг шогирдлари ҳам муваффақиятли бўлишади. Устозлари сайтимиз ишида самарали ишлаётган Сайрам туманидаги Жамбил номли, Ҳамза номли мактабларнинг ўқувчилари АҚШда 1 йил давомида таълим олиш учун йўлланмага эришдилар. Уларнинг уч нафари «Бўлашақ» тил курслари (раҳбари: Жуманқул Тошпўлатов) таълимини олишган.

Султонова Баргида (10-синф, Жамбул номли мактаб), Мамашев Бегмурод (10-синф, Ҳамза номли мактаб), Шерметов Дониёр (10-синф, Ҳамза номли мактаб), Исмоилжанова Рўзаой (10-синф, Ҳамза номли мактаб) август ойида океан ортига йўл оладилар.

Офарин, устозлар!

***

15 апрель куни Қорабулоқ қишлоғидаги №81 Улуғбек номли мактабда ижодий жамоамизнинг навбатдаги йиғилиши ўтди. Унда турли мактаблардан келган 18 ижодкор муаллима ва қаламкашлар иштирок этдилар. Муҳаррир ҳисоботига кўра, бугунги кунда сайтимиз обуначилари  сони 500 га яқинлашди. Сайт саҳифаларида муаллимлар учун долзарб муаммолар ва усулий кўрсатмаларга оид 389 материал ёритилди. Сўнгги ой давомида дарсларда фойдаланиш учун видеолавҳалар ишлаб чиқиш йўлга қўйилди. 

Ўзбек тилида ўтадиган ўқувчилар учун бўлажак олимпиада дастури муҳокама қилинди ва таклиф-мулоҳазалар тингланди.

Ижодкорларимиз ҳеч бир йиғилишдан янги билимлар олмасдан қайтмаган. Таниқли тренер  Ҳулкар Абдураҳмонова 90 минутли машғулот ўтказди. Машғулот шакллантирувчи баҳолаш ва баҳолаш критерийларига бағишланди. Икки гуруҳда ишлаган жамоа аъзолари биргаликда муаммонинг назарий ва амалий жиҳатларини ўргандилар. Қатор саволларга ойдинлик киритдилар. Тажриба алмашдилар.

Йиғилишда ўтган ой давомида фаол  ишлаган жамоа аъзоларига мукофотлар, Ҳурмат Ёрлиқлари топширилди. Жамоага янгидан келиб, ишлай олишини исботлаган ижодкорлар билан Шартномалар тузилди.

Қуйида мазкур тадбиримиздан қатор фотолавҳалар чоп этмоқдамиз.

***

Лотин ёзуви киритилиши муддатлари белгиланди:
2017 йил охиригача янги алифбо расмий турда тасдиқланади(бугунги кунда 10га яқин шаклдаги лотин ёзувидаги қозоқча алифболар норасмий шаклда қўлланилмоқда). 2025 йилда расмий иш юритиш лотин ёзувига кўчади. Келажакда давлат идораларида ишлашни истовчи ёшлар учун эса бу ҳам яхши янгилик — ҳаракатчан ва уқувли йигит-қизларга эҳтиёж кучаяди

***

Сайтимизнинг 200-аъзоси аниқланди. У — Туркистоннинг Югнак (Жуйнак) қишлоғидаги Аҳ Югнакий номли мактабнинг  1-синф муаллими Абдулла Жунаев бўлди. Муштарийнинг сайтимизга ёзган изоҳи:

Абдулла:

Мана шу саитда ишлаётган барча ижодкорларга рахмат.Мен буни яқинда кўрдим ўша вақтгача қозоқчасини таржима қилиб қийналиб юрардим, келажакда алоқада бўлиб ўз фикрларимиз билан бўлишиб турармиз, деган ўйдаман. Сизларга кўпдан кўп миннатдорчилигимни билдираман.

Сайтимиз март ойида ҳам бепул ишлайди. (Аммо рўйхатдан ўтиш шарт!) Шу билан бирга ҳамкорлик қилаётган барча ижодкор муаллимлар учун келажакда ҳам бепуллигича қолади.  Ўзингиз ишлаб чиққан дарс режалари, ижодий ишлар ва бошқа материалларни ҳам maktabkz@mail.ru почтасига юборишингизни сўраймиз.

Тел.: +7 701 337 00 94.

Сайт ижодкорлари.