8 мая

Ташева Зуҳра, Чимкент шаҳри, 56 — УЎМ

Мангу эл – келажагимиз

Сўнгги вақтларда жамиятимизда “Мангу эл” атамаси тез-тез тилга олиняпти. Айниқса, президентимизнинг халққа 2014 йилги мурожаатномасидан сўнг бу тушунчанинг маъноси ойдинлашди, шу бўйича махсус дастурлар ишлаб чиқилди. Хўш, “Мангу эл” дегани нима ўзи, нима учун бу тушунчани келажак билан боғлаяпмиз?

Менинг фикримча, мангу эл – жаҳонда ўз ўрнига, мавқеига эга, иқтисодий-ижтимоий жиҳатдан барқарор, сиёсий жиҳатдан туроқ, юксак онгли ва маданиятли фуқароларга эга, илм-фан ривожланган бир давлатдир. Муҳтарам президентимиз ҳам, “Мангу эл – бизнинг ўз қўлимизда” дер экан, бу ғояни амалга оширишни барча қозоғистонликлар зиммасига юклади.

“Мангу эл” ғояси бугун пайдо бўлгани йўқ. Узоқ ўтмишга эга туркий халқларнинг, шу жумладан, қозоқ халқининг орзу-армони шу ғоя билан узвий боғлиқдир. Бу ғоя Ўрхун-Енисей битикларидан бошлаб, Қўрқит ота, Асан қайғу боболаримиз умр бўйи излаган, армон қилган ғоядир.

Бугунги кунда “Мангу эл” ғояси қай даражада амалга ошириляпти? Натижалар қониқарлими?

Назаримда, давлатимиз барча соҳаларда келажакни “Мангу эл”га айлантириш учун самарали ишлар олиб боряпти. Бу биринчи навбатда, менга яхши таниш бўлган таълим тизимига муваффақиятли татбиқ этиляпти. “Эл бўлай десанг, бешигингни туза”, деб Ахмет Байтурсинов оғамиз айтганидек, ёш авлод таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўрта  таълимнинг янгиланган модели ўқувчиларнинг бошланғич синфларданоқ борлиқни онгли идрок этишига қаратилган. Яъни, ўқувчи фақат илм олиб қўймайди, дунёқараши ҳам кенгайиб боради.

Иккинчидан эса, халқнинг иқтисодий-ижтимоий аҳволини яхшилаш йўлида қилинаётган ишлар ҳам эътиборга моликдир. Халқимизда “Оч бола тўқ бола билан ўйнамайди, тўқ бола оч болани ўйламайди” деган мақол бор. Дарҳақиқат, иқтисодий жиҳатдан ривожланган бўлмас эканмиз, рақобатга ҳам чидамсиз бўламиз. Шунинг учун ҳам халқнинг моддий аҳволини яхшилаш учун барча шарт-шароитлар яратиляпти. Кам таъминланган, кўп болали оилаларга давлат мунтазам кўмак бериб боряпти.

Шунингдек, давлатимиз келажаги бўлган ёшларнинг таълим олиши ва меҳнат билан таъминланиши учун чексиз имкониятлар яратиляпти. Республикамизда иқтидорли болалар учун Назарбаев интеллектуал мактаблари очилди. Талаба ёшлар учун эса хоҳ ўз Ватанида, хоҳ чет элда билим олиш учун шарт-шароит муҳайё. Чунки ёшлар бизнинг, давлатимизнинг эртаси. Уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, ўз Ватанига, халқига фойдаси тегадиган инсон бўлиши муҳим.

Хулоса қилиб айтганда, халқимизнинг Мангу элга қараб интилиши самарали кечмоқда. Бунга Қозоғистоннинг жаҳонда ўз ўрнини топаётганлиги, тобора юксалиб бораётгани, сиёсий барқарор давлат сифатида танилгани яққол далилдир. Ҳар бир қозоғистонлик элим деб, юртим деб ёниб яшар экан, юраги Ватан туйғуси ила тепар экан, ҳақиқий Мангу элнинг кўриниши – шу,  деб биламан. Ишончим комилки, жон Ватаним – Қозоғистоним келажакда ривожланган давлатлар 30талигидан жой олади ва ҳар биримизнинг бунда, албатта, ҳиссамиз бўлади!

Оставить комментарий: