8 мая

Сайёра Турдикулова, Сайрам тумани, 94 — умумтаълим мактаби

Мангу Эл – келажагимиз

Ёшлар келажагимиз пойдевори, мангу элнинг эгаларидир. Келажак авлодларимизни соғлом, ҳар томонлама етук, рақобатбардош шахс қилиб тарбиялаш бугунги глобаллашган ҳаётимиз кун тартибидан тушмайдиган энг долзарб масалаларидан биридир. Шунинг учун юртимизда уларнинг билим олиши, ўз иқтидорини намойиш этиши, Ватанимиз корига ярайдиган муносиб фарзанд бўлиб улғайиши учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда.

Хўш, уларнинг она Ватанига бўлган меҳр-муҳаббати  томирида жўш уриб турибдими? Бугунги ёшлар ўзларининг ҳар бир ҳаракати элимизнинг келажаги учун қўяётган мустаҳкам пойдевор эканлигини англаяптими? Ҳаётининг олтиндан қиммат ҳар бир дақиқасидан тўғри ва унумли фойдаланяптими?

Менинг фикримча, қалбида Ватан ишқи жўш урган одамгина буюк ишларга қодир бўлади. Бундай улуғ туйғу элига садоқат ва фидойилик билан хизмат қилишга, унинг тинчлигини асрашга, халқ манфаатларини таъминлашга даъват этади.

Юртбошимиз: “Мангу элнинг ўзаги – илм ва фан”, деб бежиз айтмаган. Қачонки биз ўсиб келаётган ёш авлод қалбида илм-фанга, санъат ва адабиётга, шеъриятга ва китоб ўқишга чуқур меҳр уйғота олар эканмиз, шундагина улар келажакда муносиб баркамол инсонлар бўлиб етишади. Болага олижаноб инсоний фазилатларни сингдириш, ички дунёсини гўзаллаштириш, миллат руҳини томиридаги қонларга жойлаш барча устозларнинг вазифасигина эмас, бурчи эканлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Туманимизда фаолият юритаётган “Ник”, ”Лидер”, ”Sinor” каби ўқув марказларида улкан режаларни мақсад қилиб, билим олаётган  фарзандларимиздан умидларимиз катта.

Афсуски, олтиндан қиммат  вақтини компьютер, мобиль алоқа воситаси, интернет сир-синоатларидан самарали фойдаланмаётган ёшларимиз талайгина. Биринчидан, унинг онгига ва руҳиятига салбий таъсир кўрсатса, иккинчидан унинг тафаккуридаги инсонийлик фазилатлари емирилмоқда.

Асосий фикрим шуки, барчамиз мангу элнинг муносиб  бунёдкори бўлишда машъал каби ёшларнинг йўлларига нур таратиб турайлик. Мангу элнинг ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши, халқнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришида келажак авлод тоғдек таянч эканлигини ёшларнинг онгига сингдирайлик.

Аллоҳ таоло Ватанимиз тинчлигини барқарор ва халқимиз ҳаётини бундан ҳам фаровон айласин!

Оставить комментарий: