8 мая

Саипова Нигора, Қазиғурт тумани, Туроб Тўла номли умумтаълим мактаби

Мангу Эл – келажагимиз

Мангу эл ҳақида шуни айтиш жоизки, бу бизнинг бугунги босган қадамимизнинг эртанги кундаги натижаси. Чунки ҳар бир комил инсон ўзидан из қолдиришни истайди. Бунинг учун ўз олдига бир мақсад қўяди ва мана шу мақсад сари интилади. Аввало, мана шу мақсади йўлида бирламчи режа тузади ва режаси  асосида мақсадга етиш йўлларини излайди. Бироқ мақсадни тўғри қўя билиш лозим. Хўш, биз мустақилликка эришдик. Бу билан биз нимага эга бўлдик? Қандай имкониятларни қўлга киритдик?  Мустақиллигимиз замиридан кимларнинг меҳнати, қандай долзарб омиллар, қандай фидокорликлар ўрин олган?

Бу борада давлатимиз раҳбари Н.Назарбаевнинг: “Мустақиллигимиз билан бирга халқимиз мангу муродига эришди. Биз элимизнинг юраги, мустақиллигимизнинг таянчи – мангу Элўрдамизни барпо этдик. Халқимизнинг мангу умри авлодларнинг мангу келажагини абадийлаштиришга бағишланади. Эндиги авлод мангу қозоқнинг авлоди. Демак, қозоқ элининг миллий ғояси – “Мангу эл”, деб айтилган доно сўзларини ёдга олмоқни жоиз деб билдим. Шу ўринда савол туғилади. ”Мангу Эл”нинг умуммиллий ғояси қандай ва у нималарга асосланади? Менинг фикримча,”Мангу Эл”нинг ўз қадриятлари ва омиллари мавжуд.

Биринчидан, Мангу Эл – бу мустақиллик билан Астана. Қачонки эл ўз мустақиллигига, эркига эга бўлса, юртда ҳар доим тинчлик, бирлик ва тотувлик ҳукмронлик қилади. Тинчлиги барқарор юртнинг барча йўллари очиқ ва тўсиқсиз бўлади. Бу эса нафақат элда, балки бутун бир дунёда ўз ўрнига, ўз ютуқларига эришиш имкониятларини юзага келтиради. Бунга  ҳозирги вақтда кўплаб иқтидорли, билимли, спортсевар ёшларимизнинг чет элларда ўқиши, ютуқларни қўлга киритиши мисол бўла олади.

Иккинчидан, Мангу Эл бу – Дунёвий давлат ва олий маънавият демакдир. Сабаби маънавий бойлик ва илм мужассам жойда иқтисодий ўсиш бор. Иқтисодий ўсиш эса – бу оммавий меҳнат жамияти. Юртимизнинг барча ютуқ ва муваффақиятлари бутун қозоғистонликларнинг кундалик меҳнатлари натижасидир.

Учинчидан, Мангу Эл – бу Тарихнинг, Маданиятнинг ва Тилнинг умумийлиги. Кўҳна тарихи туташган буюк Туроннинг азалий орзуси, боболарнинг бизга бўлган умиди, кафтида авайлаган ўзига хос маданияти, тили ва дилининг бирлиги – барчаси ҳозирги кунимизнинг ёрқин намунаси. Демак, барчамизнинг илдизимиз ягона, томиримиз бир, ўтмишимиз туташ.

Тўртинчидан, Мангу Эл бу – Қозоғистоннинг миллий хавфсизлиги ва умумжаҳон ҳамда минтақавий муаммоларни ҳал этишда дунёвий миқёсда иштироки. Мустақил Қозоғистон ўзининг қуролли кучларига эга.Улар борки, тинчлигимиз барқарор.

Шу билан бир қаторда, Мангу Элнинг ёрқин лойиҳаси “Келажак энергияси” шиори остида ўтказилаётган “ЭКСПО – 2017” халқаро кўргазмасининг ташкил этилиши фикримизнинг далили бўлиб кела олади.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, “Мангу Эл” ғояси халқнинг фаровонлигини ошириб, тотувлигини мустаҳкамлайдиган, юрт тараққиётини янги поғонага кўтарадиган янги қадам. Бу эса келгуси авлодга яратилаётган улкан имтиёз ва ютуқлар соҳили сари қурилган мустаҳкам кўприк демакдир. Асрлар оша талпиниб, бугунги кунини файзли эта олган халқ  эртасини бундан-да гўзал ва ёруғ этажак!

Оставить комментарий: