8 мая

Нарбекова Намуна, Тўлабий тумани, «Султанработ» УЎМ

Мангу эл – келажагимиз

Бизнинг келажагимиз элнинг мангулигидадир. Элнинг мангулиги Ватандан бошланадими?

Ватан ҳар бир инсон учун энг қадрли ва энг суюкли бўлган даргоҳдир. Ана шундай муқаддас тупроқда биз яшаётганимизга, Яратганга минг бора шукрлар айтишимиз жоиздир. Элимизнинг мангу ҳамда мустаҳкам  бўлиши бизларнинг қўлимизда эканлигини асло унутишимиз керак эмас. Элимизнинг тарихига  назар ташлагудек бўлсак, қуйидаги нарсаларнинг  гувоҳи бўламиз.

Озодлик, мустақиллик инсоннинг азалий орзуси эканлигини, шу нарсаларга етишиш учун кураш мунтазам равишда олиб борилганлигига амин бўламиз. Доноларимизнинг “Ўтмишингни унутма” деган нақлини бир эсга олайлик. Ўтмишсиз элнинг мангу келажагини қуриши мумкинми?

Элимизнинг мангу келажагига назар солар эканман, жаҳон адабиёти намояндаси, истеъдодли ёзувчи Чингиз Айтматовнинг “Ўз халқининг ўтмишини унутган, юрагида аждодлар ёди ўчган одам маънавий таназзулга, маънавий ўлимга маҳкумдир”, деган сўзлари ёдимга тушади.

Дарҳақиқат, шундай муқаддас заминда яшаб, тарихимизни билмасак, бугунги кунимизнинг қадрига етмаймиз-ку, ахир. Ватанга муҳаббат  қўйиш табиий, туғма бўлади. Ватанпарварлик инсонни моли, вақти, кучи, ҳатто жони-ю руҳини мардларча фидо қилишга чорлайди. Ватанпарвар инсон элининг мангулиги учун, келажаги учун курашиш демакдир.

Элимизнинг мангу бўлиши юртбошимизнинг оқилона олиб бораётган сиёсатига боғлиқдир. Давлатимизнинг шиддат билан ривожланиб бораётгани, жаҳон миқёсида обрўйимизнинг ошиб бораётгани, элимизнинг турмуш даражаси кундан-кунга юксалаётгани порлоқ истиқболимиз бошчиси Нурсултон Назарбоевнинг меҳнати туфайлидир.

Элимизнинг мангулиги, унинг келажаги учун, биз устозлар ҳам бир ёқадан бош чиқармоғимиз, тинмай изланишимиз даркордир. Ўз шогирдларимизнинг билимли ва тарбияли бўлиши, уларнинг келажаги учун жуда муҳим эканлигини уқтириш, биз, устозлар зиммасидадир.

Ўз фарзандининг келажаги учун азиз ота-оналар ҳам қайғурса, нур устига нур бўларди,  албатта.

Пайғамбаримиз Муҳаммад(с.а.в): “Ҳар ким ўз фарзандига илм ўргатса, савоби ҳадсиз, гўё ўн минг маротаба Ҳаж қилгандек, ўн минг етимга таом  бергандек, ўн минг етимни кийинтаргандек бўлур”, дея амри маъруф қилган эканлар. Қаранг-а, пайғамбаримиз ҳам элнинг келажаги азиз ёшларимизнинг қўлида эканлигини таъкидлаб ўтибди. Комил инсон бўлиш учун Пайғамбаримизнинг ушбу сўзларига риоя қилсак, амалда қўлласак,  яхши натижаларга эришардик.

Ватан, мангу эл келажаги хақида қанча тўлиб-тошиб гапирсак ҳам оз. Шундай экан, Она заминимизга бўлган муҳаббатни томир-томирларимиз билан туйиш лаззатлироқ эканлигини ёдда тутайлик.
Ватан – бу неъмат! Таърифи йўқ мавжудликдир. У илоҳий туҳфа. Мана шулар ҳақида ўйлар эканман, бетакрор, осмонқалб шоир Муҳаммад Юсуфнинг Ватан ҳақидаги бебаҳо мисралари ёдимга тушади.

Қадим юртга қайтсин қадим наволарим,

Қушлар босиб қуримасин дарёларим.

Алпомишга алла айтган момоларим,

Руҳини шод этай десанг, халқ бўл, элим.

Мен шундай ажойиб  хулосага келдимки, осмонқалб шоир ҳам ўз эли, ватани учун қайғуриб, ўтганлар руҳини шод этиб, авлодлар давомчиси биз эканлигимизни таъкидлаганлар.

Элнинг мангулиги, келажагимизнинг порлоқ бўлишида, биз, устозларнинг ҳам масъулиятимиз катта эканлигини унутмайлик, азизларим.

Оставить комментарий: