8 мая

Абдуллаева Мастура, Чимкент шаҳри, Ҳамза номли 42-УЎМ

Мангу Эл – келажагимиз

Ҳар бир одамнинг майли у ёзувчими, шоирми, ё санъаткор бўлсин, ўзининг кўнглидаги сўзлари битилган, яратган ижоди бўлади. Мен эса ёзувчи ҳам, шоир ҳам, ҳофиза ҳам эмасман, бироқ жуда масъулиятли касб эгаси – ўқитувчиман. Негаки, ўқитувчилик касбини келажак олдида –элим, юртим , Ватаним олдида жавобгарлиги жуда юқори эканлигини ҳис этаман .

Хўш, дақиқа сайин ўзгараётган бу дунёда «Мангуликка дахлдор эл» қандай яшаш тарзини танлаши керак?! Назаримда, бу мавзу томири тубга ёйилган , улкан ва бақувват дарахт сингари… Илдизи маҳкам, япроқлари ям-яшил дарахт – туркийларнинг бир томири – қозоқ миллати, қозоқ эли, қозоқ халқи. Бугун мен бунга жавоб излаб кўрдим… Бу эса мангуликка дахлдор элнинг тарихи ва бугуни тасвирида намоён бўлди…

Узоқ тарихга назар ташлайдиган бўлсак, элимиз ўз бошидан не-не суронли йиллар; очарчилик, уруш, босқинчилик, тили ва динидан узоқлашишларни ўтказмади, дейсиз! Бироқ тақдирнинг минг синовларидан омон-эсон бир эл, бир халқ бўлиб шу кунга етиб келишимиз мангуликка дахлдорликнинг далолати эмасми?!

Ҳар қандай эл, юрт, халқ тақдирида йўлбошчи-подшоҳларнинг ўрни, сиёсати ва ақли муҳим аҳамиятга эга. Эсланг, Алп Эр Тўнга ё Кунтуғдини…

Мен Қозоғистон Республикасининг тўнғич президенти – Элбошимизни ота-боболар юртини сақлагувчи, эл тинчлигини ўйлагувчи, халқлар тотувлигини асрагувчи деб ишонч билан айта оламан. Эсланг, Ўрхун битикларидаги  «…кундуз ўтирмадим, кечаси ухламадим, элни сақладим…» деган сўзларини.

Бу сўзлар Мустақилликни сақлаб, турли миллат вакиллари яшовчи «Мангу эл»имизда тинчлик-тотувлик ўрнатган Элбошимизга ҳам тегишли эканлигига ишончим комил. Бугунги кунда Мустақил Қозоғистонни бутун дунё тан олди, мақсадимиз бир халқ, бир эл бўлиб оламнинг энг ривожланган ўттиз давлати қаторидан жой олиш. Хўш, бу янгиланишда менинг ўрним қандай?

Мустақиллик менга нима берди-ю, мен элим учун нима бера оламан?!

Келинг, мисолни ўз уйимдан келтира қолай. Юртим тинч бўлганлиги учун мен мактабда, турмуш ўртоғим шифохонада ишламоқдамиз. Фарзандларимизнинг «Болашақ» йўналиши билан Буюк Британияда, Астанада, М.Авезов номли университетларида грант асосида таълим олиши Мустақиллигимиз меваси эмасми?! Рақобатбардош элнинг фарзанди сифатида «ўзбек тили –она тилим, қозоқ тили – Ватан тилим, инглиз тили-жаҳон тили»ни ўрганишим ва ўргатишим учун барча имкониятлар яратилган. Шу ўринда, инглиз тилини чуқур ўргатадиган хусусий «Albion» мактаби очишдан ҳам мақсадимиз рақобатбардош билимли ёшларни тарбиялаш эканлигини айтгим келади.

Элбошимизнинг йил бошидаги Қозоғистон халқига йўллаган Мактубида Элимиз янги тарих остонасига – учинчи янгиланишга қадам ташлагани айтилган эди. Яқинда эса президентнинг «Келажакка қадам: рухан янгиланиш» мурожаати қозоғистонликларга аниқ вазифалар белгилаб берди.  ХХІ аср – янги технологиялар асри. Шу сабабли, ҳар бир қозоғистонликнинг компьютер саводхонлиги, чет тилларни ўзлаштириш борасида орқада қолмаслиги айтилди.

Мен ўтган 20 асрда дунёга келдим, билим олдим, бироқ 21-аср ўқитувчиси – келажак авлод тарбиячиси сифатида ўз устимда тинимсиз ишлаш масъулиятини юклайди. Негаки, ўқитувчилар билим деган иморатнинг пойдеворини қуради. Чин маънода, Қозоғистоннинг ҳар бир ютуғи ортида мактаб ўқитувчиси ҳам туради.

Хулоса қилиб айтганда, янги жаҳон технологиялари эшик қоқиб, ҳар дақиқада кириб келаётган бир вақтда замон талабига жавоб берадиган, рақобатбардош ёш авлодни тарбиялаш Ватан олдидаги бурчимиздир.

One Response to “Мангу эл – келажагимиз Муаллиф: Абдуллаева Мастура, Чимкент шаҳри, Ҳамза номли 42-УЎМ Эсселар танлови ғолиби”

  1. Tinker Bell
    20:07 on Май 5th, 2018

    Ассалому алейкум эссе ажойиб чикибди.
    1. Адабиёт сенга ҳаётий масалани ечишда ёрдам берадими?
    2. Биз яшаётган жамият ва ундаги бизга юклатилган масъулиятлар.
    3. Касб танлаш – умр йўлини танлаш демакдир.
    4. Болаликдан эсдалик бўлган, гўзал, муқаддас хотиралар.
    5. Ажойиб инсонлар тақдири.
    6. Инсондаги мен ёқтирган ва ёқтирмаган хислатлар.
    7. Интернет: яхши ёки ёмон.
    8. Менинг севимли устозим.
    9. Келажак менинг тасаввуримда….
    10. Бугунги тенгдошларим нима ҳақида ўйлайди?
    11. Инсон ҳаётида тақдирнинг ўрни.
    12. Қозоғистон менинг нигоҳимда.
    13. Виждон ҳақида гап кетганда….
    14. Виртуал ҳаёт реал ҳаётдан устунми ?
    15. Замонавий ҳаётда меҳр- оқибат ва шафқатсизлик.
    16. Эркинлик ҳақида тушунчангиз.
    17. Бугунги кун минбаридан янграган сўзлар.
    18. Вақт бизни танлади.
    19. Урф – одатлар тараққиёт учун тўсиқми?
    20. Шахс эркинлиги нима ва унинг ҳаётдаги мазмуни ҳақида тушунчангиз?
    манашу мавзулар бўйича эсселар борми? Бўлса шуларниям чиқаришингизларни илтимос қиламан

Оставить комментарий: