15 мая

Муаллиф: ўзбекистонлик таниқли журналист, публицист ва шоира, «Инсон манфаати» газетаси муҳаррири Хуршида Абдуллаева.

***

Кўзларимга дунёни
Этдинг ёруғ-нурафшон.
Сенга минг раҳмат, дейман,
Билим кони мактабжон!

Она каби буюк зот,
Ўзингизсиз, устозим!
Бошим ерга теккунча
Қиламан сизга таъзим!

***

Илму одоб манбаи
Бу китобдир, бу китоб!
Гўё кўкда ойдир у,
Ва порлаб турган офтоб!

Англагай кенг дунёни
Китоб ўқиган бола.
Кўрар нури зиёни
Китоб ўқиган бола.

Одобига ҳавасманд
Бўлар унинг кекса-ёш.
Катта одам бўлганда
Бўлар, дерлар, тилла бош.
Шунинг учун, дўстларим,
Дўсти бўлинг китобнинг.
Мағзин чақинг, ўқи, деб
Қилинган бу хитобнинг.

Билимлилар хор бўлмас,
Ота-боболар сўзи.
Билим олган боланинг
Равшандир ақл кўзи.

***

Жаранглайди қўнғироқ,
Биз чиқамиз таътилга.
Ёз ўтиб, чўзилар бўй,
Улғаямиз бир йилга.

Хайр, она мактабим,
Мени кутгин соғиниб.
Қучоғингга қайтаман
Бир ёшга катта бўлиб.

Оставить комментарий: