27 Дек

Тараз шаҳридаги 4-ўрта мактабининг  8-синф ўқувчиси Юсупов Асрорбек мактабдаги  Мустақилликнинг 26 йиллигига  бағишланган «Менинг Ватаним-Қозоғистон» номли эсселар конкурси ғолиби бўлиб топилди. Бу ўқувчи аъло баҳоларга ўқиши билан биргаликда мактаб жамоат ишларининг жонкуяри. Мактабдаги «Жасулан» ташкилотининг етакчиси. Қуйида  Юсупов Асрорбекнинг ёзган эссесини сизларга тақдим этмоқдамиз.

Бахт макони — Қозоғистон!

Мен Қозоғистон диёрида яшаётганимдан беҳад бахтиёрман. Асли Ўзбекистонда туғилганман. Тақдир тақозоси билан ота-онам шу ерга келиб қолишган. Улар ҳозирги кунда ўз касблари билан шуғулланиб, Қозоғистоннинг ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Ватан – бу сенинг яшаётган,  тиниқ ҳавосидан нафас олаётган, зилол сувларини ичиб роҳатланаётган қутлуғ маконинг!  Мен учун бахт  макони – Қозоғистондир. Келажакда архитектор бўлиш орзусидаман. Шу орзумга етишсам, ўзим яшаётган қадимий ва кўҳна Тараз шаҳрининг архитектурасига, ўсишига, баланд-баланд кошоналарни яратишга бор кучимни сарфламоқчиман.

Мен шу юртда яшар эканман, Элбошимиз Нурсултан Назарбаевни жуда ҳурмат қиламан. Мана шундай Элбошиси бўлган юртгина бахт маконига айланиши мумкин. Биринчи мисол тариқасида, ушбу йили Ватанимизда бўлиб ўтган ЭКСПОни олайлик. Аълочи ўқувчилар қаторида мен ҳам Астана шаҳрига, ЭКСПОга йўлланма билан бориш бахтига сазовор бўлдим. Бу ерда кўрганларимни сўз билан таъриф этиб бериш қийин. Қанча эллардан келган хорижликлар, ватандошларимиз билан сайр қилдик. Бу ердаги ҳар бир нарса қанчалик янгиликни кашф этади,  сизга қизиқарли маълумотлар беради. ЭКСПО Қозоғистонни дунёга танитган хайрли ишлардан бири бўлди.  Иккинчи мисол тариқасида шуни айтмоқчиманки, ҳозир Қозоғистонда спорт  соҳаси жадал  ривожланяпти. Спортнинг турлари бўйича чемпионларимиз сони ортмоқда. Айниқса, боксдаги ютуқларимиз мени аттиқ қувонтиради. Учинчи мисол тариқасида шуни айтмоқчиманки, Қозоғистон – дўстлик маконидир. Бу ердаги 130дан ортиқ миллат вакиллари тенг ҳуқуқли бўлиб, ўзларининг этноси ва урф-одатларини кенг қамровда қўлланишяпти. Бунга ўзимизнинг, яъни  ўзбекларнинг ўз миллий мактабларида ўқиб, таълим олаётганликлари, ўз тилимизда матбуотимиз борлиги, миллий байрамларимизнинг нишонланишини фахр билан айтишимиз мумкин. Бошқа миллатлар ҳақида ҳам шунга ўхшаш кўп яхши сўзлар айтиш мумкин.

Хулоса қилиб айтмоқчиманки, Қозоғистон – Бахт маконидир. Бу ерда яшаётган ҳар бир киши фахр билан ўзининг бахтли инсон эканлигини айта олади. Элбошимизнинг ёрқин келажагимиз учун чизиб берган «Мангулик Эл» йўлланмаси билан олдинга қараб одимлар эканмиз, юртимиз бундан ҳам фаровон, дунё миқёсидаги ривожланган давлатларнинг юқори ўринларида турадиган давлат бўлиши шубҳасиз. Бунинг учун биз ўқувчилар чуқур билимли, ҳар томонлама ижодкор замонавий ёшлар бўлиб етишишимиз керак. Мен чин дилдан бахтли элнинг бахтли инсони бўлишни орзу қиламан. Чин дилдан орзу қилсанг, Оллоҳим ўзи орзумга етказар деб ишонаман. Бахт макони – Қозоғистонда яшаётганимдан чексиз фахрланаман.

Оставить комментарий: