9 Окт

Муаллимга ўқувчилардан бери алмисоқдан қолган чироқ совға қилди. Ўқитувчи уни нима қилишни билмай илмий мудирга кўрсатди. Сўнгра топилдиқни кўтарганча икковлон директор олдига киришди.

– Да… бу чироқ антиқаку! –  деди директор чироқни кўздан кечиргач. –  Ичида жин ҳам бормикан?

– Борман, –  овоз келди чироқ ичидан. – Аммо топшириқлар сони чекланган. Ҳар биринглар битта топшириқ берасизлар, кейин мен бошқа чироққами, кўзагами, вазагами кўчиб кетаман. Одамларнинг бўлмағур истакларини бажараверишдан чарчаганман…

– Қандай бахт! – муаллим чапак чалиб юборди. – Киссамда миллион тенге бўлишини истайман!

Сониянинг қанчадир бир қисмида муаллимнинг чўнтаги дўппайиб қолибди. Чиқариб қараса –  20 000 тенгелик пуллар.

– Директор бўлишни истайман!

Илмий мудирнинг оғзидан шу сўзлар чиқар-чиқмас стулдан креслога кўчиб ўтибди, кўринишлари ҳам директорнинг ўзидай бўлиб қолибди.

– Да… –  дебди директор (яъни собиқ директор). – Мен шу мактабни текширишга юборилган ревизор бўлишни истайман.

Сония ўтмай янги қиёфага кирган директор папкасидан текширув ўтказиш хусусидаги ҳужжатни столга қўйибди.

– Хўш, икковлон бир миллион тенгени ўртага қўйиб, дарс вақтида нимани муҳокама қилаяпсизлар? Ва умуман, мен бу мактабдаги барча катта-кичик камчиликларни биламан, – дебди қолган икковлоннинг юрагини увуштириб.

***

Қиссадан ҳисса: нима бўлганида ҳам бошлиқдан олдин гапиришга эҳтиёт бўлиш керак!

Оставить комментарий: