22 Июл

Азиз Несиннинг бу китоби болалигимиздаги севимли асарларимиздан бири бўлганди. Бугунги болаларга ҳам синфдан ташқари ўқиш учун унинг баъзи қисмларини тавсия қилиш мумкин. Тўла матнни қуйидаги ҳаволадан олишингиз мумкин.

Матндан лавҳа:

«…Ўқитувчимиз бизга янги дафтар тутишни буюрди. Шундан кейин у доскага қийин бир масалани ёзиб, шу ернинг ўзидаёқ уни ўзи ечди-да:
— Мана энди буни яхшилаб кўчириб олинглар, — деди.

Масалани ечими билан боплаб кўчириб олдик. Ўқитувчимиз уни ўчириб, ўрнига шеър ёзди.
— Буниям айнан кўчириб олинглар!

Яна айтганини қилдик. Шундан кейин у ҳамманинг дафтарини кўриб берди. Xатолари бўлса, тузатиб чиқди.
— Болалар, жаноб инспектор синфимизга кирса, мен сизларга мана шу масалани бериб, шу шеърни диктантга ёздираман, — деди у охири.

Буёғидан кўнгли хотиржам бўлгач, ўқитувчимиз масаланинг иккинчи томонига ўтди.
— Энди баъзи саволларга бериладиган жавоблар билан танишиб чиқамиз. Инспектор жаноблари нимани сўраб қолса, шуни шариллатиб жавоб беришингиз керак.

Биз савол-жавобларни ёдлашга ўтдик.
— Америка қачон кашф этилган?

Бутун синф бараварига гувиллайди:
— 1492 йилда.
— Сен учун энг азиз одам ким?

Бу саволга ҳар ким ҳар хил жавоб бергани учун синфда қий-чув кўтарилди. Баъзилар Отатуркнинг номини айтишса, қолганлари ойиси билан дадасини тилга олади.

Ўқитувчимиз кейинги саволга ўтади:
— Истанбулни ким забт қилган?

Дарҳол жавобни ёпиштирамиз:
— Султон Меҳмед Фотиҳ!
— Сулаймония мачитини ким қурган?

Ҳали у сўраб улгурмасданоқ, шариллатиб жавоб берамиз:
— Меъмор Синон.

Савол-жавобларни ёдлашга икки кун вақтимиз кетди. Ўқитувчимиз ҳар икки гапнинг бирида: «Жавобларга эҳтиёт бўлинглар, тағин адашиб-нетиб ўтирманглар», деб огоҳлантириб қўярди.

Ҳаммасини қойиллатиб ёдлаб олдим. Жавобларни бир сафга тизиб, ўзимча қайтараман: «1942. Дадам. Султон Меҳмед Фотиҳ. Меъмор Синон. 1492. Дадам. Султон Меҳмед Фотиҳ. Меъмор Синон. 1492. Дадам…»

Азбаройи булар миямга қаттиқ ўрнашиб қол-ганидан юрган йўлимда пичирлаб гапирадиган одат чиқарибман.
— Ҳа, ўғлим, тобинг йўқми? — сўраб қолди ойим бир куни эрталаб.
— Йўқ, тузукман.
— Ҳайронман. Туни билан «1492, дадам, султон Меҳмед Фотиҳ, меъмор Синон…» деб алаҳлаб чиқдинг.

Биз кутган инспектор ўша куни эрта билан синфга кириб келди. Ўзинг биласан-ку, менда ҳовлиқиш одати йўқ. Лекин ўша куни нимагадир ичимдан титроқ келиб, юрагим ҳаприқиб кетаверди. Балки ўқитувчимизнинг аҳволини кўриб, шундай бўлгандирман. Боёқишни қалтироқ босиб, қўли титраётганини биринчи марта ўшанда кўрдим.
— Қани, ўқувчиларга диктант ёздиринг-чи! — деди инспектор.

Ўқитувчимиз бизга маълум бўлган шеърни диктант қила бошлади. Болалар унинг айтганини ёзаётгандек бўлиб, ручкаларини жўрттага қитирлатиб қўйишарди. Ваҳоланки, бу диктант дафтаримизга аллақачон бехато кўчириб қўйилган эди.

Диктант тугагач, инспектор дафтарларимизни бирма-бир текшириб чиқди. Бирортамиздан ҳам заррача хато тополмади.
— Ўқувчиларга яхши сабоқ берибсиз, ташаккур!— деди у боши осмонга етиб.

Инспектор чап қаторда ўтирган Чингизнинг дафтарини кўришни унутганми, бир пайт: «Қани, сеникиниям бир кўрайчи!» деб қолди. Чингиз унга дафтарини узатди.
— Бу нимаси? — тутақиб кетди инспектор.
— Диктант, афандим.
— Қанақа диктант бу?

Инспекторнинг фиғони фалакка чиқди. Чингиз ўтирган томонга секин ўгирилиб қараган эдим, воқеа маълум бўлди: бола бечора қўрқиб кетганидан дафтарининг тайёр масала ёзилган бетини очиб юборибди.
— Ҳозир ёзган диктантинг қани?

Чингиз сал бўлмаса диктантни очиб кўрсатай девди, яхшиямки, ўқитувчимиз инспекторнинг орқасида турган экан. Чингизга ҳар хил имо-ишоралар қилиб, зинҳор диктантни кўрсатмаслик кераклигини тушунтирди.
— Диктантни ёзолмадим, афандим.

Инспектор Чингизга сирли ишоралар қилаётган ўқитувчига ўгирилди:
— Доскага масала ёзинг, ечиб беришсин.

Ўқитувчимиз лавлагидек қизариб кетди.

Аслида биз инспектор олдин масала бериб, кейин диктант ўтказади, деб ўйлаган эдик. Қўшни мактаб болалари шундоқ дейишганди. Чингизнинг эсанкираб қолишига сабаб ҳам шу тартибнинг ўзгариши бўлди.

Чингизнинг дафтари ҳамон инспекторда эди, шунга кўра ўқитувчи доскага бошқа бир масалани ёзишга мажбур бўлди. Ўзинг яхши биласан, арифметикадан нуқул аъло оламан. Лекин ҳамма қатори мен ҳам роса эсанкираб қолган эканман, масалани сираям ечолмадим. Дафтарларимизни кўриб, инспекторнинг қовоғи уюлди. Ўқитувчимиз қанчалик хижолат бўлганини айтмайсанми?! «Инспектор мендан сўрайдиганини сўрасину ўқитувчимизнинг юзини ёруғ қилай», дейман ўзимга-ўзим. Кейин аста пичирлайман: «1492. Дадам. Султон Меҳмед Фотиҳ, Меъмор Синон. 1492…»

Инспектор менинг ҳолатимни сезган эканми, тўсатдан:
— Қани, ўрнингдан турчи, — деб қолди.

Хурсанд бўлиб кетдим. Дарров дик этиб ўрнимдан турдим. Нима бўлганини болалар кейин гапириб беришди. Инспектор олдинига:
— Ёшинг начада? — деб сўрабди.

Азбаройи юрагим типирчилаб турганидан саволи қулоғимга бошқача эшитилибди. Мендан Америка қачон кашф этилганини сўраяпти, деб ўйладим.
— 1492, афандим, — дедим овозни баралла қўйиб.

Инспекторнинг кўзи ола-кула бўлиб кетди.
— Нима-а-а? Неча ёшдасан?

Назаримда, жавобни дўндириб қўйганман. Шунинг учун яна томоққа куч бердим:
— 1492, афандим.
— Истанбулни фатҳ этган ким?

Бериладиган жавобларни тартиб билан ёдлаб олган-ман. Шунга кўра навбатдаги жавобни айтдим:
— Дадам.

Инспектор нимани олдин, нимани кейин сўраши маълум эди. Энди бизга қолганда бу тартибни бузишини мен қаёқдан билай?!

Меҳмон полни гурсиллатиб бир тепди:
— Сендан Истанбулни ким фатҳ этган, деб сўраяпман.
— Дадам-да, афандим.
— Даданг ким ўзи?
— Меъмор Синон.
— Нима деб валдираяпсан, ўғлим? Дадангни сўрасам, меъмор Синон дейсан.

Иш пачава бўлганини шундагина тушундим. Аммо роса эсанкираб қолган эканман, бунинг устига инспектор бўкириб турибди, эс-ҳушимни йиғиб ололмадим.
— Xўш, меъмор Синон нима қилган?

Кутилмаган савол мени баттар чалғитиб юборди.
— Истанбулни фатҳ этган, афандим, — дедим жонҳолатда.
— Ким фатҳ этган?
— Ким бўларди, меъмор Сулаймон-да, — дедим ҳозиргина йўл қўйган хатойимни тузатмоқчи бўлиб.
— Ундоқ бўлса Сулаймония мачитини ким қурган?
— Султон Синон Фотиҳ.

Жавоблар бир-бирига қоришиб кетганини ўзим ҳам сезиб турибман-у, лекин ноиложман: карахт бўлган одамга ўхшайман.

Инспекторнинг ғазаби қайнаб кетди. Жаҳл устида нима деганини ўзи ҳам билмай қолди.
— Ўғлим, Американи қурган одам меъмор султон Меҳмед бўлади. Сулаймония мачитини эса Фотиҳ Синон кашф этган.

Болалар пиқирлашиб қолди. Инспектор нотўғри гапириб қўйганини сезди.
— Яъни айтмоқчиманки, Синония мачитини меъмор Сулаймон қурган. Фотиҳни меъмор султон Меҳмед фатҳ этган.

Яна қовун тушириб қўйди.
— Мени ҳам йўлдан урдинг, болакай, — деди у охири ўзини оқламоқчи бўлиб.

Инспектор бошини тебрата-тебрата жаҳл билан ташқарига чиқиб кетди».

http://esdalik.uz/jahon-adabiyoti/215-aroyib-bolalar.html

Оставить комментарий: